«Арсенал»га қарши УЕФА Чемпионлар Лигаси чорак финал жавоб учрашуви
натижаларига кўра, «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Чемпионлар
Лигасида покерга эришган футболчилар олий клубининг олтинчи аъзосига
айланди.
Аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси «Барселона»нинг УЕФА
Чемпионлар Лигаси чорак финал жавоб учрашувида «Арсенал» дарвозасига
урган барча голларига муаллифлик қилиб, энг нуфузли еврокубок
учрашувида покерни расмийлаштирган олтинчи ўйинчига айланди.
1960
йилги Европа Чемпионлар Кубоги финалида Ференц Пушкаш тўртта гол уришга
муваффақ бўлган эрса, ундан аввал, 1958 ва 1959 йилги мусобақалар чорак
финалида Альфред Ди Стефано покерни расмийлаштирган. Месси эса
Чемпионлар Лигасида тўртта гол урган футболчилар билан бир қаторда
турадиган бўлди.
Андрей Шевченко («Фенербаҳче» — «Милан» 0:4, 23.11.2005) 2005
йилда «Милан» икки марта Истанбулда меҳмон бўлган эди. «Ливерпуль»га
қарши Чемпионлар Лигасининг драматик финалида италияликлар мағлубиятга
учраган бўлишса, орадан ярим йил ўтиб, кейинги мусобақадаги ўзларининг
энг яхши бўлмаган ўйинларидан ўтказишганди. Учрашувнинг бош қаҳрамони
«россонерилар»нинг украиналик ҳужумчиси Андрей Шевченко бўлганди.
«Ливерпуль»га қарши финал учрашувида Шевченко ҳал қилувчи пенальтини
аниқ амалга ошира олмаганди,аммо «Шукру Сарчўғлу»да у бирданига тўртта
гол уриб, ўз айбини ювганди. Қайд этиб ўтиш жоиз, ўша учрашувнинг
иккинчи бўлимида Шевченко хет-трикка эришганди. «Битта учрашувда тўртта
гол уришдан кўра, тўртта турли мусобақанинг ҳар бирида биттадан ҳал
қилувчи голни уришни афзал билардим», — деганди Шева кейинчалик. Рууд ван Нистелрой («Манчестер Юнайтед» — «Спарта» 4:1, 03.11.2004) Чемпионлар
Лигаси тўпурарлари пойгасида фақатгина афсонавий Раулгина ўзининг 66 та
голи билан Рууд ван Нистелройдан (56 та гол) олдинда турибди.
Голландиялик ҳужумчининг ушбу рўйхатдан жой олганининг ҳайрон қоларли
жойи йўқ. Бундан ташқари, айни вақтда «Гамбург» шарафини ҳимоя
қилаётган футболчи ҳисобида бошқа бир рекорд ҳам бор — мавсумлардан
бирида у мусобақа давомида 12 та гол уришга муваффақ бўлган. Нистелрой
Праганинг «Спарта»сини ҳам аяб ўтирмаган: рақибнинг тўпни ортга
оширишдаги иккита хатосидан унумли фойдаланган, пенальтини аниқ амалга
оширган, ҳакам томонидан учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган
дақиқаларда эса чех клуби дарвозасига тўртинчи голни йўллаган. «Унинг
кўрсатган натижасига ақлбовар қилмайди, — деганди кейинчалик «Манчестер
Юнайтед» устози Алекс Фергюсон. — У бошқа ҳеч кимга ўхшамай
вазиятлардан фойдаланади. Кройфф, Ди Стефано ва Мюллер каби энг яхши
ҳужумчилар еврокубокларда ўзларини ёрқин кўрсатишган ва Рууд ҳам
уларнинг анъаналарни давом эттирмоқда».
Дадо Пршо («Монако» — «Депортиво» 8:3, 05.11.2003) Ўша
ўйинда Пршо фақатгина Фернандо Морьентеснинг жароҳати сабаб
испанияликларга қарши ўйин таркибига киритилган. Бироқ хорватиялик
футболчи ўзининг 29-туғилган кунида берилган ушбу имкониятдан юз фоизга
фойдаланиб қолган. «Рейнжерс»нинг собиқ ўйинчиси томонидан қайд этилган
покер ҳалигача мусобақа тарихидаги энг тезкори ҳисобланади. Ҳужумчи
томонидан урилган 26-дақиқадаги биринчи гол билан сўнгги тўртинчи гол
орасидаги вақт атиги 23 дақиқага тенг бўлганди. «Дадо ажойиб ўйин
кўрсатди, — деганди ўша ўйиндан кейин монегаскларнинг ҳужумкор ярим
ҳимоячиси Жером Ротэн «UEFA.com»га берган интервьюсида. — Фернандо
Морьентеснинг йўқлигидан барча хавотирда эди, аммо жамоамиз таркибида
унинг ўрнини боса оладиган ўйинчилар борлигини исботлай олдик».
«Монако» биргина Пршонинг ҳиссаси билан кифояланиб қолмаган. Ўша
мавсумда мусобақа финалига қадар етиб борган Дидье Дешам жамоаси
«Депор» дарвозасига оз эмас, кўп эмас, нақ саккизта гол урган эди. Бир
учрашувдаги сермаҳсуллик борасида ўша ўйин ҳалигича биринчи бўлиб
турибди.
Симоне Инзаги («Лацио» — «Олимпик» 5:1, 14.03.2000) Симоне
Инзаги фаолиятининг аксарият қисми акаси Филиппонинг соясида қолиб
кетган бўлса-да, 1999/2000 йилги мавсумда у бор овози билан Европа
футболига ўзининг борлиги ҳақида хабар берганди. Ёдга олинган мавсумда
«Лацио» ўз тарихида иккинчи марта скудеттони қўлга киритган ва нуфузли
мусобақанинг чорак финалига қадар етиб борганди. Инзагининг юлдузли
онлари эса «Олимпик» қарши учрашувга тўғри келганди — бир учрашувда
тўртта гол. Пьяченцалик футболчи бундан ҳам кўпроқ гол уриши мумкин
эди, аммо кўкка совурилган иккита имкониятдан ташқари, пенальтини ҳам
аниқ амалга ошира олмади. Кейинчалик «Челси» ва «Валенсия»га қарши
учрашувларда ҳам ўзини кўрсатган Италия терма жамоасининг собиқ
ҳужумчиси мусобақанинг тўққиз учрашуви давомида 11 та гол уришга
муваффақ бўлди. Бироқ, италиялик футболчининг ёрқин ўйини-да унинг
жамоасини чорак финалда «кўршапалаклар»дан қабул қилинган мағлубиятдан
қутқариб қола олмади. Марко ван Бастен («Милан» — «Гетеборг» 4:0, 25.11.1992) Европа
майдонларидаги ўзининг сўнгги учрашувидан аввалги ўйинида «Милан»
тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири «россонерилар» ишқибозлари ёдида
бир умрга муҳрланиб қоладиган ўйини намойиш этган эди. Бундан аввалроқ,
А Серияси учрашувида ван Бастен «Наполи» дарвозасига бир учрашувда
тўртта гол урган эди, йил якунланиши арафасида эса Чемпионлар Лигасида
яна ўша натижани такрорлади. Марказий ҳужумчининг қайчи услубида урган
учинчи голи, айниқса, чиройли чиққанди. Голландиялик футболчининг
ўйинини биргина Италияда юқори баҳолашгани йўқ. Ушбу ўйиндан бир неча
кун ўтиб ван Бастен фаолиятидаги учинчи «Олтин тўп»ни қабул қилиб олди
ва бу кўрсаткич бўйича Йохан Кройфф ва Мишель Платини билан тенглашиб
олди. manbaa:www.uff.uz